Кўпчилик кўк чойни «даво», қора чойни эса оддий ичимлик деб ҳисоблайди. Аслида иккаласи ҳам битта ўсимлик — *Camellia sinensis* чой бутасининг баргидан тайёрланади.
Уларнинг фарқи нимада?
Фарқ баргни қайта ишлаш усулида.
🌿 Кўк чой тайёрлашда терилган барг тезда қиздирилади. Бу ферментатив оксидланишни тўхтатади ва катехинларнинг катта қисми сақланиб қолади.
🍂 Қора чой тайёрлашда эса барг маълум вақт давомида оксидланади. Натижада катехинларнинг бир қисми теафлавинлар ва теарубигинларга айланади. Баргнинг ранги ҳам қораяди.
Демак, қора чойдаги полифеноллар таркиби ўзгаради: айрим моддалар камаяди, бошқа биологик фаол бирикмалар ҳосил бўлади.
Иккала чой ҳам қон босимига таъсир қиладими?
25 та клиник тадқиқот ва 1476 нафар иштирокчи натижаларини бирлаштирган мета-таҳлилда қуйидаги натижалар аниқланган:
- Систолик қон босими ўртача 1,8 мм симоб устунига;
- Диастолик қон босими ўртача 1,4 мм симоб устунига пасайган.
Таъсир асосан чойни 12 ҳафтадан ортиқ мунтазам истеъмол қилганларда кузатилган.
Алоҳида таҳлилда кўк чойда систолик босим 2,1 мм, диастолик босим 1,7 мм; қора чойда эса мос равишда 1,4 ва 1,1 мм симоб устунига пасайган.
Демак, кўк чойда таъсир бироз кучлироқ бўлган. Аммо бу фарқ қора чойни фойдасиз дегани эмас.
Чой ичишда нималарга эътибор бериш керак?
1. Кўк ва қора чойни меъёрида истеъмол қилиш мумкин. Қайси бири сизга ёқса, шуни танланг.
2. Чойни жуда қуюқ дамлаб, ортиқча ичиш тавсия этилмайди. Иккаласида ҳам кофеин бор.
3. Овқат билан бирга ёки дарҳол овқатдан кейин чой ичиш ўсимлик маҳсулотларидаги темирнинг сўрилишини камайтириши мумкин.
4. Темир танқислиги камқонлиги борлар чойни овқатдан камида 1–2 соат ажратиб ичгани маъқул.
ХУЛОСА: Кўк чой ҳам, қора чой ҳам полифенолларга бой ичимликлар. Уларнинг кимёвий таркиби ва биологик таъсири бир хил эмас. Аммо бирини мутлақо фойдали, иккинчисини фойдасиз деб баҳолаш нотўғри.
Чой — дори эмас, лекин меъёрида истеъмол қилинганда соғлом овқатланишнинг бир қисми
